Ўзбекистонда бозорлар ҳокимликлар тасарруфидан чиқарилади
Ўзбекистонда бозорларда маҳаллий ҳокимликнинг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 27 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда қайд этилишича, ҳудуднинг ихтисослашуви, коммуникация ўтказиш имконияти ўрганилмасдан аукционга чиқарилган 1,5 минг гектар ер 1 йилдан ортиқ сотилмаган. 4 мингта ер участкасини аукционга чиқаришда келишиш жараёнлари кечиккан. Вазирлар ва ҳокимлар ўтган йили сотилиши керак бўлган 243 та мулкни Давлат активлари агентлигига ўтказиб бермаган.
Йирик давлат корхоналарида ҳам ишлар жадал эмаслиги таъкидланди. «Автосаноат», «Кимёсаноат», «Металлургия комбинати», «Ўзбекнефтгаз» каби 22 та корхона ҳалигача халқаро молиявий ҳисобот юритишга ўтмаган. «Ўзбекистон почтаси», Uzbekistan Airports, «Ўзбекистон темир йўллари» ҳалигача кредит рейтинги олмаган.
Йиғилишда хусусийлаштириш соҳасидаги 2025 йилги мақсадлар белгилаб олинди. Жумладан:
— 30 триллион сўмлик давлат мулкини сотиб, бюджетга камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш;
— 116 та корхонадаги давлат улушини ва 581 та кўчмас мулк объектини сотувга чиқариш;
— 6,1 минг гектар ерни аукционга қўйиб, сотиш ҳажмини 6 триллион сўмга етказиш;
— камида 300 та кон ва майдонни ташаббускорларга таклиф этиб, 500 миллиард сўм тушум тушириш.
Йиғилишда бу мақсадларга эришиш учун бир қатор енгилликлар берилиши эълон қилинди.
Энди тадбиркорлар камида беш йил ижарада фойдаланган давлат мулкини тўғридан-тўғри ўзи сотиб олиши мумкин бўлади. Бугунги кунда 632 та шундай объект бор. Ушбу мулкларни ижарачиларнинг ўзига сотиш орқали камида 2 триллион сўм тушум қилиш мумкин.
Пахтасаноатнинг сотилмай қолган 131 та активларини бошланғич баҳоси 50 фоизгача пасайтирилиб, аукционга чиқарилади. Бунда, тадбиркорларга тўловларни уч йилгача бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Ҳозирда республикадаги 537 та бозор ва савдо мажмуаларининг камида 51 фоиз улуши маҳаллий ҳокимликларга тегишли. Энди бу тартиб ҳам ўзгаради. Бозорларда маҳаллий ҳокимликнинг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади.
Ер майдонларини сотиш бўйича ҳам имкониятлар кенгайтирилади. Масалан, аукционда узоқ вақтдан буён сотилмай турган, майдони кичик бўлган ёнма-ён жойлашган ер участкалари бирлаштирилиб, қайта аукционга чиқарилади.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида муниципал тоифадаги жойлар хатлов қилиниб, электрон базаси яратилди. 102 та самарасиз бино ҳамда 97 гектар бўш ер аниқланиб, аукционга чиқариш бошланган. Ўтган йили бино-иншоотлар остидаги 118 гектар ер участкаларини хусусийлаштиришдан 60 миллиард сўм тушум бўлган. Бу — 2022 йилга нисбатан 5 карра кўп дегани.
Энди ушбу тажриба барча вилоят марказларида, кейинги йил туманларда жорий қилинади.
Йиғилишда давлат иштирокидаги корхоналарни халқаро бозорга олиб чиқиш масаласи кўрилди. Бугунгача ушбу тизим ўзини оқлаган ва самарасини бергани таъкидланди.