Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганлар шахси давлат сири этиб белгиланиши мумкин

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳа 24 декабрь, пайшанба куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, коррупция ҳақида ахборотлар тўғрисидаги маълумотлар давлат сири ҳисобланади ва ошкор қилиниши мумкин эмас. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади. Ахборот берувчилар ва уларнинг яқин қариндошларига таҳдид бўлган тақдирда тегишли органлар уларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини ҳимоя қилади. Бу ўзгаришлар «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасига киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига уларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот тақдим этганлиги туфайли тажовуз қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши айтилган.

Бундан ташқари, ушбу қоидалар ёлғон ахборот берган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар ва ахборот бераётганларга тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ жавобгар бўлади. Лойиҳада коррупция ҳақида ахборот берганлар ҳукумат белгилаган тартибда рағбатлантирилиши таъкидланган. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Маълумот учун, лойиҳа муҳокамаси 2021 йилнинг 8 январига қадар давом этади.

Аввалроқ коррупция ҳолати тўғрисида хабар бермаган ходимга қандай чора кўрилиши ва Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани маълум қилинганди.

Янгиликлар