Тошкентда фуқаро ички ишлар ходимига пичоқ билан ҳужум қилди
19 май куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 60 ёшлар атрофидаги эркак пост-патруль хизмати инспекторига пичоқ билан ҳужум қилиб, унга жароҳат етказди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 18:30 ларда «Юнусобод» деҳқон бозори яқинида хизмат олиб бораётган пост-патруль хизмати инспектори сафдор И.Ибрагимов ерости йўли олдида хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган фуқарони тўхтатган. Текширув вақтида эркак ёнидаги пичоқ билан ходимнинг бўйин қисмига зарба берган.
Жароҳат олган ходим касалхонага етказилиб, ҳаёти сақлаб қолинган. Гумондор шахс — 1963 йилда туғилган, Жиззах вилоятида яшовчи А.Х. ушланган. У 2005 йилдан буён руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда тургани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25−97 моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.