Тошкентда «Jetour» машинаси ҳайдовчиси рулда ухлаб қолиб каналга тушиб кетди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Jetour» русумли автомашина каналга тушиб кетди, деб хабар беради вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати.

Ҳодиса 4 сентябрь куни соат 16:00 атрофида Тошкент-Чирчиқ-Чимён автомобиль йўлининг 51-километрида содир бўлган. Аниқлик киритилишича, «Jetour» ҳайдовчиси 28 ёшли О. Ш. рулда ухлаб қолган ва бошқарувни йўқотган. Натижада автомобиль Чирчиқ дарёсидан суний равишда ажралиб чиқкан йўл ёқасида жойлашган панжара билан тўсилган каналга тушиб кетган.

Сувга қулаш вақтида ҳайдовчи машинадан ўзи чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Кейинроқ воқеа жойига етиб келган фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари махсус техника ёрдамида автомашинани сувдан олиб чиққан.

Ҳозирда, воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент