Банк картаси маълумотларини фирибгарга берган шахслар жавобгарликка тортилади
Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашни кучайтиришга оид президент қарори имзоланди. Бу ҳақда UZA хабар берди.
Қарорга мувофиқ, агар кибержиноят банк ёки тўлов ташкилоти айби билан содир этилса, етказилган зарар айнан шу ташкилот зиммасига юкланади. Шунингдек, ахборот тизимидаги заифликлар сабаб жиноятга йўл қўйган банклар рўйхати эълон қилиб борилади.
Шунингдек, банк картаси, SIM картаси ёки аккаунтини фирибгарларга берган фуқаролар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади. Интернетдаги молиявий пирамидаларнинг олдини олиш учун уларни барвақт аниқлаш тизими жорий этилади.
Банклар ва тўлов тизимларига замонавий антифрод, антивирус тизимларини жорий этиш, сохта рақамлар орқали қўнғироқларга техник чекловлар қўйиш, тезкор ҳаракатланиш гуруҳи орқали шубҳали карталарни блоклаш чоралари кўрилади. Шу орқали жиноятчилар ўзлаштирган пуллар мамлакатдан чиқиб кетмасдан жабрланувчиларга қайтарилиши таъминланади.
Бундан ташқари, кибержиноятлар бўйича прокурорлик назорати кучайтирилади, халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади, соҳа мутахассисларининг малакаси оширилади ва ҳар йили «Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги» ўтказилади.