Ангренда мактаб ўқувчилари битирув кечаси харажатлари учун ўғирлик қилгани аниқланди
Ангрен шаҳрида 4 нафар мактаб ўқувчиси битирув кечасига пул топиш мақсадида ўғирлик содир этгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, 16 апрелдан 17 апрелга ўтар кечаси «Нурчи» маҳалласида номаълум шахс Damas автомобилидан пул ўғирлаган. Мурожаат асосида ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор қидирув ишлари олиб борилган.
Натижада, ушбу жиноятни 15–17 ёшдаги тўрт нафар мактаб ўқувчиси содир этгани аниқланиб, улар процессуал тартибда ушланган. Дастлабки терговда гумонланувчилар ўғирланган пулларни битирув кечаси харажатларига сарфлашни режалаштирганини тан олган.
Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов бундай ҳолатлар ортиқча харажатлар, «бошқалардан қолмаслик» ҳисси ва моддий босим туфайли юз бераётганини таъкидлаб, ота-оналарни фарзандларининг кундалик ҳаёти, дўстлари, интернетдаги фаоллиги ва молиявий эҳтиёжларига бефарқ бўлмасликка чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда вояга етмаган бола 1хбет орқали $2 минг миқдорида қарзга ботгани сабабли машина олиб қочгани ҳақда хабар бергандик.