Нурободда ижтимоий ҳимояга муҳтож 25 нафар хотин-қизга тикув машиналари топширилди
Самарқанд вилояти Нуробод туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож 25 нафар хотин-қизга тикув машиналари топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, тикув машиналарини топшириш «Нуробод туманида хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастури»га асосан амалга оширилди.
Шунингдек, маълум қилинишича, туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг иқтисодий жиҳатдан оёққа туриши учун имкониятлар яратиш, жамиятдаги ўрнини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларини ҳал этиш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Қайд этилишича, ушбу тикув машинаналари ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Аввалроқ Самарқандда 20 нафар, Нуробод, Хўжаобод ва Пастдарғом туманларида 25 нафардан, Шаҳрихонда 8 нафар, Фурқатда 21 нафар ҳамда Жалақудуқда 40 нафар кам таъминланган хотин-қизга тикув машиналари тарқатилгани ҳақида хабар берилган эди.