Данғарада йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган шахснинг вакилига салкам 87 млн сўм ундириб берилди

Фарғона вилояти Данғара туманида йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган шахснинг қонуний вакилига 86 миллион 732 минг сўм ундириб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бўлими ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, МИБ туман бўлими иш юритувига 21 август куни жиноят ишлари бўйича Данғара туман судининг 3 июлдаги ижро ҳужжати келиб тушган. Ҳужжатга асосан О.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан чиқарилган ҳукм юзасидан фуқаровий даъвогар «Demand Trans Servis» МЧЖдан жабрланувчининг қонуний вакили Э.Қ. фойдасига 66 миллион 732 минг 616 сўм моддий ва 20 миллион сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Таъкидланишича, содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир инсон вафот этган бўлса-да, моддий жавобгар шахс ҳисобланган «Demand Trans Servis» МЧЖ томонидан дастлабки тергов ва суд жараёнларида ҳам моддий зарар умуман тўлаб берилмаган. Суд ҳужжати бюронинг туман бўлимига келиб тушгандан кейин жавобгар «Demand Trans Servis» МЧЖнинг «Ҳамкор банк» Қўқон филиалидаги ҳисоб рақамига инкассо топшириқномаси қўйилгач, жамият мансабдор шахслари ҳаракатни бошлаган.

Қайд этилишича, шундан кейингина 27 октябрда жавобгар тараф ундирувчи Э.Қ.нинг пластик картасига 66 миллион 732 минг 616 сўм моддий ва 20 миллион сўм маънавий зарар, жами 86 миллион 732 минг сўм пул маблағлари тўлиқ ўтказиб берган.

Аввалроқ Сурхондарёда ғишт заводи хатловга олиниб, 215 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар