Жондорда ўғрилик қилган фуқаро Рекс лақабли ит ёрдамида қўлга олинди

Бухоро вилояти Жондор туманида ўғирлик қилган фуқаро Рекс лақабли ит ёрдамида қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 14 сентябрь куни соат 9:10 ларда Жондор тумани «Тинчлик» МФЙда яшовчи М.И.нинг уйидан баҳоси 580 000 сўмлик уй-рўзғор буюмлари ўғирланганлиги ҳолати юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Воқеа жойига чиққан вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Кинология хизмати кичик инспектор-кинологи Ашраф Қиличов, ўзига бириктирилган Рекс лақабли хизмат ити ёрдамида ушбу жиноятни фош этган.

Натижада мазкур жиноятни содир этган фуқаро М.Т. қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Марғилонда 800 минг сўмлик, Қўқонда 5 миллион сўмлик, Фарғонада 1,5 миллион сўмлик велосипедларни ўғирлаган фуқароларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.