Фарғонада тиббиёт бирлашмаларига 40 та «Damas» топширилди (фото)

Фарғонада вилоят ҳокимлиги томонидан шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига 40 та «Damas» русумидаги махсус машиналар топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, бугунги кунда Фарғона вилоятида бир кунда тез ёрдамга бўлган мурожаатлар ўртача 4,5 мингтани ташкил этмоқда. Шу боис тез тиббий ёрдам бўлимлари ва шифохоналарнинг моддий–техник базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт ходимларига шароитлар яратиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим этилган 40 та «Damas»дан сўнг вилоятда тиббиёт соҳасида хизмат кўрсатаётган тез тиббий ёрдам автомашиналарининг сони 400 тадан ошди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев мазкур автомашиналарни топшириш тадбирида аҳолига сифатли тиббиёт хизмат кўрсатиш учун соҳадаги баъзи муаммолар ўз ечимини топганлигини, бунинг учун эса маҳаллий бюджетдан зарур маблағлар ажратилганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Пандемик вазиятда шошилинч ёрдамга муҳтож ҳар бир фуқарога ўз вақтида хизмат кўрсатиш асосий вазифамиздир. Бугунги кунда тез ёрдамга бўлган мурожаатлар сони кескин кўпайди. Aлбатта, бу ҳозирги ҳолат билан боғлиқ. Aҳолимизнинг бу борада хавотирга тушишига ҳеч қандай асос йўқ. Чунки шаҳар ва туманлар тез тиббий ёрдам машиналари билан етарли даражада таъминланди. Ёнилғи, дори-дармонлар масаласида муаммо йўқ. Махсус автомобилларни радиоалоқа билан тўлиқ таъминланиши учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди», — деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ҳусанжон Мамажонов.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Андижонда тез ёрдам хизматига 8 та янги «Damas» автомобили топширилгани, Нарпайда тез тиббий ёрдам бўлимларига 5 та «Damas» топширилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Volkswagen Caddy» тез тиббий ёрдам машиналари Самарқандга етказиб берилган.

Янгиликлар