Сергелида 40 ёшли эркакнинг «самосуд» қилингани бўйича қўшимча маълумот берилди — видео

Тошкент шаҳарида 17 январдан 18 январга ўтар кечаси тахминан соат 23.55 ларда 40 ёшли фуқаро калтакланаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Кадр: Telegram

Хабар қилинишича, воқеа Сергели тумани 6-мавзеда содир бўлган. Ушбу жанжал иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритилган. 18 январь куни тахминан соат 23:50 атрофида 26 ёшли А.К. ўзининг бошқарувидаги «Cоbalt»да танишлари 32 ёшли З.Х. ва 40 ёшли Б.Х. билан Сергели тумани 6-мавзедаги автотураргоҳга келган.

Шу пайт 2 нафар фуқаро — 30 ёшли муқаддам судланган А.А. ва 30 ёшли Х.Х. маст ҳолатда автомобилнинг йўлини тўсган. Фуқаролар ўртасида бошланган жанжал оқибатида А.А. ва Х.Х. автомобилнинг ойналарини синдириб, автомобилга шикаст етказган. Шундан сўнг А.А. ва Х.Х. фуқаролар З.Х. ва Б.Х.ларни уриб, уларга тан жароҳати етказишган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар А.А. ва Х.Х.лар ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёдаги гўзаллик салонида аёллар муштлашгани ва Самарқанддаги боғча мудираси тарбияланувчини нега урганини айтиб бергани хабар қилинган эди