Самарқандда 100 дан ортиқ раҳбар таътилга чиққани маълум бўлди

Самарқанд вилоятидан қайси раҳбарлар саломатлигини тиклаш учун таътилга чиққанлиги маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, Президент Администрацияси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ маҳаллий ҳокимлик ҳамда сектор раҳбарлари тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун 7 февралгача бўлган муддатда 2 босқичда қисқа муддатли таътилга чиқмоқда.

Мазкур жадвалга кўра, бугунги кунда биринчи босқичда самарқандлик раҳбарлардан 150 нафари тиббий кўрикдан ўтиб, даволанмоқда. Хусусан, вилоят ҳокими (Э.Турдимов), вилоят прокурори (Р.Машарипов), вилоят ички ишлар бошқармаси (Ш.Раҳмонов) ва вилоят давлат солиқ бошқармаси (А.Инағомов) бошлиқлари Тошкент шаҳрида, 3 нафар вилоят ҳокимининг маслаҳатчилари (ёрдамчи), 48 нафар сектор раҳбарлари (туман/шаҳар прокурорлари, ИИБ ва ДСИ бошлиқлари), 96 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари вилоят тиббиёт марказларида тиббий кўрикдан ўтиб, зарурий муолажаларни олмоқда.

Хабарга кўра, муолажалар 2021 йилнинг 27 январига қадар давом этиши белгиланган. Шунингдек, иккинчи босқичда (28 январдан 7 февралгача) Самарқанддан яна 24 нафар (8 нафар вилоят ҳокимининг ўринбосари, 16 нафар туман ва шаҳар ҳокимлари) раҳбарлар Тошкент шаҳрида тиббий кўрикдан ўтиб, даволаниши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 4 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. Орадан вақт ўтиб, Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев 17 январь куни қисқа муддатли таътилга чиққан.

Кейинчалик Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев ўринбосарлари ва 15 нафар ҳудуд ҳокими тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда даволаниш мақсадида Тошкент шаҳрига жўнаб кетган. Шунингдек, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва 5 та вилоят ҳокимлари таътилга чиққани хабар қилинган.

Янгиликлар