Тойлоқда ўтказилган сайёр қабулда 30 тага яқин мурожаат кўриб чиқилди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ўтказилган сайёр қабулда 30 тага яқин мурожаат кўриб чиқилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, туманда аҳоли давлат идораларига қатнаб, мурожаатининг жавобини кутмаслиги учун жойларда турли давлат идоралари масъуллари иштирокида сайёр қабуллар ўтказиш белгиланган.

Қайд этилишича, мазкур қабуллардан бири тумандаги «Маданият» маҳалласида бўлиб ўтган. Тадбирда туман Халқ қабулхонаси мудири Қ.Исмоилов, туман ҳокимининг оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари Норқул Асадов, туман ИИБ бошлиғи Шерзод Тоғаев, туман ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла раислари ва мурожаат билан келган фуқаролар иштирок этган.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қабул давомида 30 га яқин мурожаат кўриб чиқилган ва уй-жойини таъмирлаш, саломатлигини тиклаши учун кам таъминланган оила вакилларига моддий ёрдам бериш каби мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилган. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар ижро учун мутасаддиларга йўналтирилган.

Аввалроқ Оқдарёда Солиқ қўмитаси ўтказган сайёр қабулда 8 кишининг мурожаати жойида ҳал қилингани ва Нуробод тумани ҳокими ўтказган қабулда 10 та мурожаат ҳал этилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов Қорақалпоғистоннинг қатор туманларида сайёр қабул ўтказгани ҳамда Фарғона туманидаги сайёр қабулда 12 нафар фуқаро мурожаати жойида ҳал этилгани маълум қилинди.

Янгиликлар