Эркин Турдимов меҳнат таътили тугагандан кейин ҳам 2 кун дам олиши маълум бўлди

Меҳнат таътилига кўрсатилган муддатидан 5 кун олдин чиққан Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов таътил тугагандан кейин ҳам икки кун дам олиб, кейин ишга чиқиши маълум бўлди, дея хабар бермоқда «Daryo».

Фото: «Tez News»

Хабарда айтилишича, вилоят ҳокими Эркин Турдимов соғлиғини тиклаш мақсадида 9 январь куни қисқа муддатли даволаниш таътилига чиққан. Кейинчалик ҳоким 17 январь кунидан бошлаб 10 кунлик муддатга меҳнат таътилига чиқиши лозимлиги маълум бўлган.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манучеҳр Мирзаевнинг маълум қилишича, Эркин Турдимов 28 январь, пайшанба куни Самарқандга қайтади.

«Вилоят ҳокими эртага йўлга чиқади. 30 январь, шанба куни ёки 1 февраль душанба куни ишга чиқишини айтган», — деди ҳоким матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев нашр мухбири билан 27 январь кундаги суҳбатида.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимовнинг соғлиғи ёмонлашгани, унинг микроинсульт бошдан кечиргани тўғрисида тахминлар тарқалган.

Кейинчалик 12 январь куни вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев ушбу хабарларга муносабат билдириб, ҳозир ишдан таътил олганини, лекин 9 январь, шанба куни ҳам вилоят ҳокимининг аҳволи яхши бўлганини, ҳатто, якшанба куни ҳам Булунғурда юрганлигини қайд этган. Айрим манбалар эса, вилоят ҳокими Тошкентда даволанаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 4 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. Орадан вақт ўтиб, Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев 17 январь куни қисқа муддатли таътилга чиққан.

Кейинчалик Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев ўринбосарлари ва 15 нафар ҳудуд ҳокими тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда даволаниш мақсадида Тошкент шаҳрига жўнаб кетган. Шунингдек, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва 5 та вилоят ҳокимлари таътилга чиққани хабар қилинган.