Болалар саратони бўйича халқаро академик ҳаб ташкил этилади

2031 йилгача болалар саратонига қарши курашиш стратегияси доирасида Болалар саратони бўйича халқаро академик ҳаб ташкил этилади. Бу тўғрисидаги қарор Lex.uz сайтда эълон қилинди.

Янги ҳаб Европанинг етакчи университетлари клиникалари кўмагида, Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида фаолият юритади. Ҳаб Самарқанд шаҳри ва Иштихон туманидаги тиббиёт муассасалари негизида йўлга қўйилади. Келгусида унинг фаолияти мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам кенгайтирилиши кўзда тутилган.

Академик ҳаб халқаро таълим дастурларини жорий этиш, малакали тиббий ва илмий кадрларни тайёрлаш, замонавий ташхис ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, дори воситалари ва даволаш методикаларининг клиник синовларини ўтказиш билан шуғулланади.

Стратегия доирасида қуйидаги мақсадлар белгиланган:

•  болалар саратонини эрта аниқлаш кўрсаткичини 65% га етказиш;

•  1 йиллик яшовчанликни 90% гача, 5 йилликни эса камида 60% гача ошириш;

•  саратон билан касалланган барча болаларни ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиш.

Шунингдек, беморларнинг рақамлаштирилган маршрутини яратиш, масофадан ёзилиш ва онлайн маслаҳат олиш тизими жорий этилади. 2025 йил охиригача лойиҳага сунъий интеллект технологиялари ҳам жалб этилади.

2028 йилгача республикада ишлаб чиқарилмайдиган, академик ҳаб учун олиб кириладиган илмий ва техник жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилади (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари).

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Болалар саратонига қарши беш йиллик кураш дастури йўлга қўйилиши ҳақда хабар бергандик.

 

Қарорлар