Ўзбекистонда коррупцияга энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг рўйхати тузилади
Ўзбекистонда коррупцияга энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг рўйхати тузилади. Бу ҳақда 21 ноябрь куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 2-йиғилишида маълум қилинди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишни Миллий кенгаш раиси Танзила Норбоева олиб борган. Тадбирда сенаторлар, Миллий кенгаш аъзолари — мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.
Хабарда айтилишича, йиғилиш давомида Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича йўл харитаси лойиҳаси ҳам муҳокама этилган. Лойиҳада коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари рўйхатини шакллантиш, хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро ташкилотларининг вакилларига пора берганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш, коррупция ҳолатлари тўғрисида аноним хабар йўллаш ва уларни кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, давлат харидлари соҳасини ҳуқуқий тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги айрим бўшлиқлар, давлат органлари иш фаолиятида очиқлик ва шаффофликнинг лозим даражада эмаслиги, рақобат муҳитини ва жамоатчилик назоратини чекловчи бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги таъкидланган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани маълум бўлганди. Унга кўра, 2020 йилнинг 9 ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жами 838 та коррупция ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, шундан судларга юборилган 454 та жиноят иши бўйича 647 та мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда раҳбарлар хизмат машинасидан қандай мақсадда фойдаланиши назорат қилиниши ҳақида хабар берилганди.