Бағдодда шиша идишда каннабис сақлаб келаётган шахс аниқланди

Фарғона вилояти Бағдод туманида 0,5 литрлик шиша идишда каннабис сақлаб келаётган шахс аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, Бағдод туманида 26 август куни ўтказилган тезкор тадбирда Бағдод-2 қишлоғида яшовчи фуқаро Ю.Т.нинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада унинг 0,5 литр хажмдаги шиша идишда каннабис гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланган. Гиёҳвандлик моддаси далилий ашё тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бағдод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Ургут ва Нарпайда томорқасида жами 36 туп каннабис ўсимлиги етиштираётган шахслар қўлга олингани, Қўштепада уйида 41 туп каннабис етиштириб келаётган шахслар аниқлангани хабар қилинган эди.

Шунингдек, Пахтачида 19 туп, Пастдарғомда 8 туп, Оқдарёда 2 туп, Шофирконда 11 туп, Ургут туманида 66 туп, Оқдарё туманида 40 туп ҳамда Каттақўрғонда 17 туп каннабис ўсимлигини етиштираётган шахслар қўлгани олингани маълум қилинган.

Янгиликлар