Россиянинг Ўзбекистон маҳсулотларига қўйган помидор вируси ташхиси нотўғри бўлиб чиқди

Ахборот  ва оммавий коммуникациялвар агентлигида 11 январь куни Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова иштирокида брифинг ўтказилди.

Кадр: YouTube

Брифингда ўсимликлар карантини, хусусан, Россияга экспорт қилинган полиз маҳсулотлари юзасидан кўтарилган кўплаб саволларга изоҳ берилган.

Таъкидланишича, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидан помидор ҳамда қалампир, Фарғона вилоятидан барча маҳсулотларнинг импортига Россия томонидан тақиқ қўйилган эди. Тақиқ эълон қилинган кунда мазкур касалликни аниқлаш учун Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси марказий аппарати, ўсимликлар карантини илмий маркази ҳамда марказий карантин лабораториясидан иборат махсус ишчи гуруҳи ҳудудларга сафарбар этилган.

Республиканинг вирусдан холи эканлигини тасдиқлаш мақсадида нафақат Қашқадарё, Навоий, Фарғона, балки ҳар бир ҳудуд кесимида маҳсулот етиштирилувчи иссиқхоналарнинг жойлашган ўрни, майдони, тури ва фитосанитар тозалиги тўғрисидаги маълумотномаси, яъни паспорти шакллантирилиб, Россия томонига тақдим этилган.

Халқаро мутахассислар ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар натижасида ҳозирга қадар Ўзбекистонда «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги»нинг ташқи симптоматик аломатлари қайд этилмади.

Инспекция ходимлари томонидан олиб борилган қатъий фитосанитар текширувлар ҳамда «Ўздавкарантин» ҳамда «Росселхознадзор» ўртасидаги музокаралар натижасида:

  • 2020 йилнинг 18 декабридан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7 та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларини;
  • 2021 йилнинг 1 январь санасидан бошлаб, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидан 34 та корхона помидор маҳсулотини;
  • 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Фарғона вилоятидан қуритилган маҳсулотларнинг Россияга экспорт қилинишига рухсат олинди.

Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда мавжуд иссиқхоналарнинг 99,11 гектар майдонини помидор экинлари ташкил этиб, уларнинг барчаси саноат иссиқхоналари ҳисобланади. Шундан 36,46 гектарни ташкил этган 18 та иссиқхоналарда помидор етиштирилиши давом этмоқда.

Аввалроқ Россия Ўзбекистондан помидор ва қалампир олиб киришга қўйилган тақиқни қисман бекор қилгани ва Россия Ўзбекистондан мева-сабзавот ташиш тарифларини камайтириши ҳақида маълум қилинган эди. Шунингдек, Россия Ўзбекистондан помидор олиб киришга қўйилган тақиқни юмшатгани ҳамда Россия Фарғона вилоятидан қуруқ мевалар импортига қўйилган тақиқни олиб ташлагани хабар қилинган.

Янгиликлар