Булунғурда Мустақиллик байрами арафасида 8 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди
Самарқанд вилояти Булунғур туманида Мустақиллик байрами арафасида 8 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди. Бу ҳақида туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани суди раиси Ғайрат Негматов томонидан Жомбой туман Ички ишлар органарлари пробация гуруҳи томонидан келтирилган ва суд ҳукми билан жазо ўтаётган 8 нафар маҳкумни муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги тақдимномалари кўриб чиқилган.
Туман суди томонидан жиноят қонунининг инсонпарварлик принципига амал қилинган ҳолда Жомбой тумани «Зарафшон» МФЙда суд жараёни бўлиб ўтган. Судда жазони ўташ тартиб-қоидаларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 5 нафар ахлоқ тузатиш ва озодликни чеклаш жазоларини ўтаётган маҳкумлар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли озод қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мустақиллик байрами арафасида Самарқандда 154 нафар маҳкум жазодан озод қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 33 нафар, Ургутда 17 нафар, Пастдарғомда 18 нафар, Иштихонда 15 нафар, Булунғурда 8 нафар, Самарқанд туманида 21 нафар, Пахтачида 19 нафар ва Нарпайда 13 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинганди.