Қамаши ҳокими шу пайтгача теримчининг дарди эшитилмаганини таъкидлади

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокими Шерали Санаев пахта йиғим-терим ишларида йўл қўйиладиган камчиликлар, 2020 йилги мавсумда теримчилар учун яратиб бериладиган шароитлар ҳамда туман аҳолиснинг камбағаллигини қисқартириш бўйича олиб борилган ишлар юзасидан «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаровга интервью берди.

Фото: «Tez News»

Қамаши туманида 362 та пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, 2020 йилги мавсумда 9 минг гектар майдонга пахта экилган. Ҳозирги кунда эса дала майдонларида сўнгги агротехник тадбирлар ўтказилмоқда. 15 сентябргача — ушбу тадбирлар якунлагандан сўнг теримга рухсат берилади. Маълумотларга кўра, 2020 йил мавсуми учун туманда 25 500 тонна пахта ҳосилини йиғиб олиш режалаштирилган. 2019 йили эса 22 800 ҳосил топширилиб, белгиланган режанинг 80 фоизи бажарилган.

«Бу йилги мавсумнинг ўтган йилгилардан фарқи — пахта теримида қатнашадиган теримчиларнинг ҳаммаси шартнома асосида иш бошлайди. Биринчи теримда 1 килограмм пахта 1000 сўм, иккинчи теримда эса 1400 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, теримдан олдин ҳар бир фуқарога 500 минг сўмдан пул ҳам берилиши мумкин. Бироқ бу бўйича ҳали расмий ҳужжат келгани йўқ. Ўтказаётган мулоқотларимизда фермерларнинг ўзлари теримчилар билан суҳбат ўтказяпти. Улардан келиб тушган савол ва таклиф, мурожаатларини ўрганяпти», — дейди туман ҳокими Шерали Санаев.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича учрашувлар давомида аҳоли томонидан, асосан, терим пулларини вақтида олиш, терим пайтидаги шароитлар борасида мурожаатлар келиб тушган. Жумладан, терим пулининг ҳар беш кунда тарқатилишига келишиб олинган. Бу масалага эса алоҳида банк ҳодими бириктирилиб, отряд раҳбари буни назоратга олиши белгилаб олинган.

«Бу йил фермерларимизнинг кайфияти ҳам ёмон эмас. Сабаби ҳосил анча яхши. Шунингдек, бу йилги тайёргарлик жуда пухта бўляпти. Сабаби ўтган йили ана шундай мулоқотларни — теримчиларнинг ўзлари билан юзма-юз учрашувлар ўтказмаганмиз. Фақат отряд раҳбарлари, маҳалла раислари билан гаплашилган, лекин теримчи билан гаплашилмаган, теримчининг дарди эшитилмаган. Улар у деяпти, бу деяпти. Биз, маҳаллий ҳокимият, нима қилиб беришимиз керак? Фермер нима қилиб бериши керак? Шу саволларга жавоб олиш учун учрашув ўтказяпмиз. Ҳозир фуқаролар дала майдонларига ўз вақтида бориб-қайтишлари учун 2 та автобус қўйиб беришимни сўрашди. Буни ўз зиммамга олдим», — дея қўшимча қилади ҳоким.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Шерали Санаевнинг сўзларига кўра, пандемия шароитда 361 та фермерга озиқ-овқат хавфсзилигини таъминлаш учун шартнома асосида озиқ-овқат маҳсулотларини эктирилган. Хусусан, 500 гектарга майдонга помидор, 200 гектар майдонга пиёз, яна 200 гектарга картошка экилган. Бундан ташқари, ҳоким аҳолини камбағалликдан чиқариш ва пандемия шароитида уларга кўрсатилган ёрдамлар тўғрисида ҳам тўхалиб ўтган.

«Туманимизда 4873 та ‘темир дафтар’га киритилган оиламиз бор. Шундан 1462 тасини иш билан таъминлаб, қолган 3411 тасига озиқ-овқат маҳсулотлар тарқатилди. Хабарингиз бор, 2020 йилнинг ўзида 30 йилда бўлмаган ишлар бўлиб кетди. Пандемия шароитида Президентнинг ўзлари бизга ҳам яшашни, ҳам ишлашни ўргатдилар. Шу жумладан, қандай иш олиб боришни ҳам. Карантин бўлишига қарамасдан, ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш корхоналари ишлаб турди. Aгар булар бўлмаса, бутун ишларимиз тақа-тақ бўлиб тўхтаб қоларди, кунимиз ўтмас эди. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон шароитида халқни ер боқади, деган гаплар ўз тасдиғини топмоқда. Aйнан бу бизнинг туман — Қамашига жуда мос тушади. Чунки еримиз кўп, сувли майдонлар бор, лалми ерлар бор.

Қамашига кириб келишда кўриб келаётган бўлсангиз, йўлнинг атрофида икки чеккада аҳолининг етиштирган маҳсулотларини сотиши учун жой ажратиб берганмиз. Буларнинг ҳаммаси ўзимизнинг даламиздан, ўзимизнинг томорқамиздан чиқяпти. Туман аҳолисининг асосий даромад манбаи ҳам деҳқончлик, томорқа фаолияти ва чорвачиликдан иборат. Бундан ташқари, яқинда 500 гектарга яқин майдонда узумзор барпо этилади, у ерда эса 1000 минг киши иш билан таъминланади», — дейди ҳоким.

Фото: «Tez News»

Аввалроқ пахта терими Фарғонада 10 сентябрдан, Наманган, Андижон ва Бухорода 15 сентябрдан ҳамда Самарқандда 25 сентябрдан бошланиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг айрим туманларида қўлда терилган пахта учун устама ҳақ берилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар